top of page

Дин ва Жамият

Дин моҳиятини тушунган кимсаларга сир эмаски, Оллоҳ заиф ва ночорларнинг ҳаққига катта ахамият берган. Заифлар деганда камбағаллар, мусофирлар, ғариблар, етимлар, қариялар, аёллар, ижтимоий баланд мартабада бўлмаганлар ва ҳ.з.лар назарда тутилади. Тангри Таъоло заифлар ҳаққини эътиборга олганининг энг яққол далили шуки, Улу Ал-ъазм бўлмиш беш пайғамбарлардан бирига, унинг энг асосий вазифаси қилиб заифлар ҳаққини ҳимоя килишни юклаганидир. Мусо (алайҳиссалом)га Худо томонидан икки вазифа юклатилган бўлиб, бири фиръавнни инсофу-ҳидоятга чақириш бўлса, иккинчиси мазлум бўлмиш иккинчи даражалик фуқоролар яъни бану Исроил қавмини зулмдан қутқариш эди. Тафаккур қилинса, иккала вазифанинг туб маъноси бир эканлигини кўриш мумкин. Яъни, фиръавнни инсоф-ҳидоятга чақиришдан асосий мақсад, унинг зулмини тўхтатиш бўлган. Демак, заифлар ҳаққини ҳимоя килиш пайғамбарлик вазифасининг энг муҳим қисми ҳисобланади, зеро энг ҳурматли беш пайғамбарлардан бирининг жўнатилишидан асосий мақсад, заифларни ҳимоя килиш ва уларни зулмдан қутқариш эди. Бу дегани Мусо пайғамбардан бошқа пайғамбарлар зиммасига заифлар ҳаққини ҳимоя килиш юклатилмаган дегани эмас. Худо бошқа пайғамбарларга ҳам заифларга ёрдам беришга амр қилган. Жумладан, Лут пайғамбарнинг қавмлари йўл тўсарлик қилиб келгиндиларга зулм ўтказиш билан шуғулланганлар. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг бир неча жойда зикр қилинган (Анкабут; 29). Шуайб пайғамбар қавмларининг тарозидан уриб қолиш одатлари бор эди. Ўша пайтларда бу одат бой ва ҳурматли кимсаларга нисбатан қўлланилмай, балки фақат оддий фуқоролар ва келгиндиларга нисбатан ишлатилган (Худ; 86). Муҳаммад алайҳиссалом зиммаларига ҳам заифларни ҳимоя қилиш юклатилган. Масалан Қуръонда: Қуршовда чорасиз қолиб кетган қари кишилар, ёш гўдаклар ва аёллар жонига қасд қилаётган золимлар зулмини бартараф қилиш тўғрисидаги буйруқ нозил этилган (Нисо; 74);
Арабларнинг аёлларни мерос ҳаққидан маҳрум килганликлари қораланган (Фажр; 19);
Бир неча оятларда етимлар ҳаққини еб кетиш қораланган. Худо айтадики: “кимки етимлар ҳаққини исроф этиб ўзи еса, у худди олов-чўғни егани билан тенгдир. Улар тез орада дўзахтаъмини татиб кўришади (Нисо; 10);
Камбағалларга молиявий ёрдам кўрсатмаслик ва бой одамларни бу нарса қизиқтирмаслигини танқид қилган оятлар нозил бўлган (Фажр 18);
Эрлар ўз хотинларини муъаллакаҳ қилиб қўйишларини қоралаган оятлар бор (муъаллаках дегани, аёлларнинг ҳақиқий хотин сифатида бўлмаслиги, лекин айни пайтда, эрнинг унга талоқ бермаслигидир, Нисо; 129). Бу каби мисолларни чексиз давом эттириш мумкин. Минг афсуски, ҳатто бизнинг замонимизда ҳам баъзи жойларда мазлумлар ҳақлари поймол килиниб, ўша фиръавн замонига мос зулм ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Масалан, чекка шаҳар ёки қишлоқлардан катта шаҳарларга кўчиб келганларнинг ижтимоий мартабаси паст ҳисобланиб, уларни турли ҳил камситувчи лақаблар билан чақиришади, етим йигитдан совчи келса, кўп ҳолатларда рад жавоб берилади, баъзи Исломий манбаъларда, ҳатто, етим киши намозда имом бўлмоқлиги макруҳлиги айтилган. Баъзи жойларда, аёлларнинг мерос ҳуқуқлари йўқ ва ҳ.з. Пайғамбарлар бу каби зулм етказувчи одатларга қарши курашишлари лозимлиги Худо тарафидан илзом килинганидек, уламоларнинг ҳам бу иллатлардан жамиятни халос этишга ҳаракат қилмоқликлари вожибдир. Ханафий уламоларининг аёлларга берган ҳуқуқларини қисқача кўриб чиқсак. Бу мавзу жуда кенг ва кўп қиррали, бир мақола дорасида уни ҳар тарафлама баён килиш мушкул. Лекин, умид қиламизки асосий фикрларнинг зикр этилиши, уламолар, талабалар ва бохисларнинг янада чуқурроқ илмий изланишларига туртки бўлади.
Талоқ бериш ҳуқуқи
Ислом динида шаклланган мазҳаблар дорасидаги ажрашиш қонунлари дунёвий давлатлар қонунидан тубдан фарқ қилади. Масалан, дунёдаги аксарият давлатларда талоқ бериш ва ажратиш ҳаққи қози cудья ҳукмига ҳавола қилинган. Бу давлатларда, эр ва хотин ажрашиш мақсадларини, унинг сабабларини билдирадилар, лекин, ажратиш ёки ажратмаслик қози иҳтиёрида бўлади. Ислом уламолари эса бу масалага бошқача қарашган. Ханафий уламоларининг бу борадаги бир қатор фикрларини қараб чиқайлик. Уларнинг фикрича, ажрашиш (талоқ бериш) ҳаққи турли ҳолатларга қараб, бир неча тоифа инсонлар ихтиёрида бўлади. Жумладан, эр, хотин, хотин валийси (отаси, амакиси ва ҳ.з.), қози кабилар. Бу тоифа инсонларни ҳар бирини алоҳида зикр қилиб, қайси ҳолда ажралиш ҳаққи берилишини ва бу фатволарнинг манбаъларини айтиб ўтамиз. Хотин Хотин қуйидаги ҳолатларда эридан ажралишига ҳаққи бор: Никоҳ келишувида талоқ унинг ҳам ихтиёрида бўлишлиги шарт қилинган бўлса.
Никох аҳдидан сўнг, эри унга талоқ қўйиш ҳаққини берса. Бу келишув икки йўсинда бўлиши мумкин – ямин фавр яъни суҳбат давомида ҳаққи бўлади ва ямин мутлақ - бу ҳақ унга доимий қилиб берилади (Мухтасар Викоя 59).
Баъзи жойларда норасида гўдакларни ёшликдан бир-бирига никоҳлаб қўйиш одати жорий бўлса, қиз балоғатга етганидан сўнг, ўз хоҳиши билан ажралишга ҳаққи бор ва куёв бунга қаршилик қила олмайди. Бунинг шарти шуки, никоҳни болаларнинг отаси ёки бобосидан бошқалар қилган бўлишлиги керак. (Мухтасар Кудурий китоби 146, Мухтасар Викоя 51).
Киз мажбурлаб эрга берилган бўлса, мажбурлаган кишилар томонидан таҳдид йўқ бўлган пайтда, аёл ўз хоҳиши билан ажралишга ҳаққи бор. Бу ҳақ баъзи уламоларнингфикрича, биринчи фарзанд туғилгунича қолади. Қолган уламоларнинг наздида эса,бу ҳақаёлда доимий қолади (Ал-Бахр ал-Раик; 8; 141). Келиннинг валийси
Келиннинг валийси деганда, унинг қариндошлари назарда тутилади. Мисол учун, отаси, бобоси, амакиси, акаси, укаси, бўласи ва ҳ.з. Имом Аъзам мазҳабларида, балоғатга етган қиз валий ризосисиз эрга тегиш ҳаққига эга. Аммо, қуйидаги ҳолатларда унинг валийси ўқилган никоҳни бекор қилишга ҳақлидирлар: 1. Агар қиз ўз тенгига тегмаса. Тенги деганда, фиқҳда Куфъ сўзи ишлатилади. Йигит бир неча масалада қизга тенг бўлиши назарда тутилади, мисол учун, насаб, касб, ижтимой ва иқтисодий ҳолати. Шунга бинонан, агар қиз ўз тенги бўлмаган йигитга тегса, унинг валийлари никоҳни бузиб, уни ажратиш ҳаққига эга бўладилар. Бу ҳақ то биринчи фарзанд туғилганича сақланиб қолади. Баъзи уломаларнинг фикрича, фарзанд туғилгандан кейин ҳам бу ҳақ қолаверади (Мухтасар Кудурий 146). 2. Қизнинг махр ҳаққи камайтирилганда. Фиқҳда махр мисл деган сўз билан келиб, у муносиб махр маъносини билдиради. Муносиб бўлганлигини билиш учун, у қизни яшаб турган жойидаги урф-одатга мурожаат қилинади ва бу қизга ўхшаш қизлар мисол қилиб олинади. Одатда, кизнинг амакиси тарафидаги бўлаларини қиёс қилиб олинади. Агар куёв қизга махрни мислдан кам қилиб берса ва уни беришдан бўйин товласа, қизнинг валийлари уларни ажратиш ҳақлари бор, ҳатто никоҳ ўқилганига бир қанча вақт ўтган бўлса ҳам. (Мухтасар Кудурий 147, Мухтасар Викоя 52).
Қози Қози, ҳоким ёки давлат томонидан белгиланган шахслар эр-хотинни қуйидаги ҳолатларда ажратишга ҳақлари бор: Эр жинсий заиф бўлса ёки жинсий алоқага қодир бўлмаса, унинг хотини ажралишни талаб қилса, қози эрга даволаниш учун бир йил муҳлат беради. Даволана олмаса, ундан талоқберишни талаб қилинади, агарда у бўйин товласа, қози уларни ўзи ажратиб юборади (Мухтасар Кудурий китоби 150);
Имом Муҳаммаднинг (Имом Аъзам шогирдлари) фикрларича, эр зарари тегадиган касалликка мубтало бўлса (масалан, пес, мохов), хотининингталаби билан қози уларни ажратиб юборишга ҳаққи бор. (Мухит Бурхоний китоби(3;173-176);
Эр хотинининг нафақасини беришга ожиз бўлса, яъни рўзғорни тебратишга молиявий тарафдан имкони бўлмаса, баъзи ҳолларда, қози муносиб олимлар фатвоси билан уларни ажратишга ҳаққи бор. Аслида, бу масала Шофий мазҳабига муносиб. Лекин, Ханафи уламоларимиз аёлга зарар етмаслиги учун шу йўлни кўрсатишган. (Мухит Бурхоний китоби 3;177);
Эр хотинини хиёнат қилганликда айблаб, даъвосига гувоҳ бўлмаса, эр ва хотин махсус шаклда қасам ичади. Сўнгра, қози хотинни эридан бир боин талоқ билан ажратиб юборади. Мухтасар Викоя китоби (66).
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, турли тоифадаги одамларда ва маълум мамлакат қадриятларида талоқ ҳаққи ҳақида турли хил тушунчалар мавжуд. Баъзи диндорларнинг фикрича, ажралиш ҳаққи фақат эрга тегишли, динга алоқаси бўлмаганлар эса, ажралиш суд орқали бўладиган иш ва буни фақат қонун ҳал қилади деб ўйлашади. Юқорида келтирилган фикрларга асослансак, бу масалада Ханафий мазҳабига мансуб уломалар учинчи тоифадирларки, уларнинг фикрича, ажратиш ҳаққи эр ва қонундан/қозидан бошқа инсонларда ҳам бор экан. Турмуш қуриш, бир-бири билан ҳақ талашиш дегани эмас. Оила ўзаро ҳурмат, меҳрга асосланган бўлиши лозимдир. Агар урф-одатда зулм бўлмаса, албатта унга риоя қилмоклик оиладаги анча мунча тушунмовчиликларни бартараф қилади. Эрнинг молиявий мажбуриятлари Ислом динида аёлларга жуда кўп имтиёзлар берилган. Аёллар деганда факатгина завжа сифатида эмас, балки волида, қиз фарзанд, опа-сингил, амма-ҳола сифатларида ҳам. Шунинг сабаб, қуйида фақат аёлларнинг хотин сифатидаги ҳаққларининг зикр қилиниши бошқа сифатда аёлларнинг ҳаққи йўқ дегани эмас. Масалан, ота ўз ўғлини балоғат ёшига етгунча молиявий тарафдан ёрдам бермоқлиги лозимдир, аммо қизини балоғатдан кейин ҳам то турмушга чиққунича ўз қарамоғида тутмоқлиги, ва турмушдан ажралиб келса, у ҳолда ҳам уни қарамоғига олмоқлиги лозимдир. (Хизанат ал-Фикх; 112. Самарканди) Эрнинг ҳақлари
Маълумки, дунёда турли туман урф-одатлар бор. Баъзи мамлакатларнинг одати бўйича эр хотинига хизмат қилмоғи лозим, бошқа жойларда эса бунинг акси. Жумладан, Ўрта Осиёда кенг тарқалган урфга биноан, хотин эрининг хизматини, яъни, уй йиғиштириш, кир ювиш, овқат тайёрлаш каби уй юмушларини қилади. Бу масалада уламолар турли хил фикр билдиришган бўлса ҳам, оила фаровонлигини сақлаб қолишнинг муҳимлиги борасида улар ягона фикрга келишган. Шунинг учун, маълум мамлакат фуқоролари агар улар урф-одатларига зулм аралашмаган бўлса, ўша одатларига риоя қилмоқликлари мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, урф-одатга сўзсиз бўйсунмоқлик фарз ёки вожиб эмас. Аёлнинг қандай хақлари мавжудлиги ва мажбуриятлари масаласи ҳақида турли мазҳаб уломалари турлича фикр билдиришган. Хусусан, Имом Аъзам мазҳабларида қуйидаги фикрлар зикр қилинган: 1. Эрига хизмат қилиш
Имом Абу Ханифа, Имом Молик ва Имом Шофеий хотинлар эрларига хизмат қилмоқликлари вожиб эмасдир деб айтишган. (Ал-Довъ ал-Мунир, 2; 211. Ибн Каюм ал-Жавзийя). Аммо Ханбалий мазҳабининг баъзи уламоларига кўра эса, хотин эрининг хизматини қилмоқлиги вожиб. Жумладан, Ибн Таймийя ва Жавзажаний ҳам шу фикрда бўлишган. (Ихтиарат Фикхийя; 756) 2. Уй юмушлари
Уй юмушларини бажариш учун хизматкор келтириб унинг ҳаққини тўлаш эрнинг бурчи деб қабул қилинганлиги хақида бир қатор фикрлар билдирилган. Мисол учун: Абу Ханифа айтишларича, бир нечта фарзандлари бўлса, эр хотинига бир эмас, балки бир нечта хизматкор ёлламоғи лозимдир. (Мухийт Бурхоний, 3; 536. Бухорий).
Абу Юсуф айтишларича, агар хотин олий насаблик ёки ижтимоий баланд табақадан бўлса, иккита хизматкор, акс холда,бир хизматкор тўловини бермоқлик эрнинг бурчидир деб айтганлар. ‘’ Самарканд Уламолари Фатволари’’ асарида қуйдаги фикр баён этилган: ‘’Агар хотин хасаб-насаблик бўлса, эр унга икки хизматкор муҳайё қилмоқлиги лозимдир (икки хизматкорнинг нафақасини бермоқлик). Чунки бундай аёл бири уй ичи юмушларига қарайдган, иккинчиси уйдан ташқаридаги юмушларга қарайдиган икки хизматкорга муҳтож бўлади’.’ (Мухийт Бурхоний, 3; 535. Бухорий) Эр хотинининг нафақасини у турмуш қурушидан олдин қандай ҳолда яшаган бўлса, ўша даражада таъминлашга мажбур (Канз Дакаик; 313). 3.Иш, касб ва ҳунар.
Турли миллат ва давлатларда касб-ҳунарга тегишли маълум тушунчалар мавжуд. Баъзиларида ошпазлик одатда аёллар касби бўлса, бошқаларида бу эркаклар вазифаси ҳисобланади. Худди шунга ўхшаш бошқа касблар ҳам одатда аёллар ёки эркакларники деб қабул қилинган. Мисол учун, тикувчилик, тўқувчилик, фаррошлик, сартарош бўлиш, тижоратчилик, ҳайдовчилик ва ҳ.з. каби касблар маълум бир жинсга тааллуқли деб тушунилади. Баъзи жамиятларда бу тушунчалар қадрият ва инсонлар онгига шунчалик сингиб кетганки, у ерда бу масала бўйича ортиқча гап-сўзга йўл қўйилмайди, ва бу одатларга қарши борганлар жамият томонидан ҳаттоки калака ҳам қилинади. Ислом уламоларининг бу борадаги зикр килинган фикрларига назар солсак: Ҳар бир эркак ва аёл, одоб-аҳлоқ чегарасидан чиқмаслиги лозим.
Ислом чизиб берган умумий қоидаларидан ўтмаслик лозим. Мисол учун, номаҳрам эркак ва аёл қулфланган бир хонада якка ҳолда қолмоқликлари дуруст эмас.
Урф-одатда зулм бўлмаса, унга риоя қилмоқлик албатта ўша жамиятда яшовчи инсоннинг обрўсига путур етишидан сақлайди. Умумий олганда, фуқаҳолар касб масаласида кўпгина бир бирига тескари фикрларни баён этишган. Бир мақолада барча бир бирига ҳилоф тушунчаларни келтиришнинг иложи бўлмагани учун, фақат икки касбга нисбатан уламоларнинг қандай фикрларни зикр қилганликларига тўхталиб ўтамиз. Қозилик (Судялик/Ҳакамлик) Аёл киши қози бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида уламолар қуйидагиларни эътироф этишган; Имом Молик, Шофей, ва Ахмад б. Ханбални ва уларнинг издошлари фикрича бу жоиз эмас (Ахкам ал-Куран, 3; 482, Ибн ал-Арабий). Бу уламолар ўз фикрларини исботлаш учун аёлларнинг ақли тўлиқ эмаслигини таъкидловчи ривоятни келтиришади. Бу ривоятга жавобан Афғонистонлик Ханафи олим Али Қори айтганларки, “ аёлларнинг ақли кўпгина эркакларнинг ақлидан устунроқдир ”. (Фатх Баб ал-ъиная, 3 ; 110)
Имом Абу Ханифани айтишларича, хадд бўлмаган масалаларда жоиз. Хадд дегани, криминал жазо деганидир (мисол учун, қотиллик, йўл тўсарлик ва зўравонлик) ((Фатх Баб ал-ъиная, 3; 119, Канз Дакаик; 463, Муктасар Викоя; 141, Хидоя, 5; 378 Лакнавий хошияси б-н)
Имом Абу Ханифанинг шогирдлари Имом Муҳаммад наздларида аёл киши ҳар соҳада қози бўлиши мумкин.
Амирлик (Хоким, Мэр ва ҳ.з.) Бу масала ҳам юқоридаги масалага ўҳшаш баҳслар мавжуд, яъни Жумхур уламолар жоизмас дейишган (Ахкам ал-Куран, 3; 482, Ибн ал-Арабий) бўлса, Имом Абу Ханифа ва Ханафий уламолари жоиз дейишган. Шейх Зафар Али Тахнави “Эъло Сунан” китобларида буни жоизлигига Оиша онамизни Жамал маъракасида аскарларга ҳукмронлик қилганларини келтирганлар. У кишининг айтишларича, аскарларни ичида жуда кўп саҳобалар бўлган ва бирортаси Оиша онамизни амир бўлганликларига эътироз билдиришмаган. (15; 35). Умумуан олганда, ортиқча гап сўз ва муаммолардан узоқ туриш мақсадида аёллар ва эркаклар касблари маҳаллий урф-одатларга муносиб танланиши мақсадга мувофиқдир. Хулоса Фуқаҳоларни китобларини ўқиганда, бир нарсани назарда тутмоқ лозим. Ҳар бир фақиҳ ўз муҳитидаги шарт-шароитларни эътиборга олган ҳолда фатво беради. Мисол учун, ҳозир Тошкент шахрида яшовчи оила Муфтий Ҳазратларига оилавий можаро тўғрисида савол билан мурожаат килишса, Муфтий Ҳазрат Тошкент урф-одатларини эътиборга олган ҳолда жавоб берадилар, чунки оила масалаларини маҳаллий одатлар чегарасидан ташқарида муҳокама қилиш қийин масала. Шунинг учун, фуқаҳоларимиз бир масала тўғрисида фикр билдирсалар, доим ҳам уларнинг фикри ҳар замон ва ҳар маконга татбиқ этилиши шарт деб ўйлашдан узоқ бўлиш керак. Юқоридаги Абу Ханифа ва Абу Юсуфларнинг хизматкор келтириш лозимлиги тўғрисидаги фатволари бунга мисол бўлиши мумкин. Яъни, Боғдод, Куфа ва Басра шаҳарлари Абу Ханифа ва Абу Юсуф замонларида бутун дунё тижорий маркази бўлган. Шунинг учун, бу шаҳарларда яшовчи фуқоролар жуда бой бўлишиб, хонадонларда хизматкорлар бўлишлиги оддий ҳолат бўлган. Бизнинг замонда ҳам, Дубай, Қувайт каби бой шаҳарларда хизматкор ишлатиш оддий холдир. Бундан келиб чикадики, Абу Ханифанинг гаплари ўзлари яшаб турган замон ва маконга мос қилиб берилган фатво бўлиши мумкин. Аммо, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Ханафий уламолар уй рўзғор ишларини хотиннинг елкасига юкламаганлар. Юқорида зикр қилинган мисолларни ҳисобга олган ҳолда, жуда муҳим бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Бизни замонда, динни қурол қилиб олиб бир-бири билан урушиб, низолар чиқарувчи одамлар, афсуски кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бинобарин, инсон ҳар бир ишини ақл ва донишмандлик билан қилмоқлиги, ҳар бир фикрни мантиқий муҳокама асосида қабул қилиши лозимдир. (Last Revised: 21/11/2020 17:00 UK)

Дин ва Жамият
bottom of page